UzNuts

Республика Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси аъзоси SAG AGRO” МЧЖ томонидан Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида барпо этилган 500 гектар майдондаги боғда ҳам бугунги кунда олиб борилаётган агротехник тадбирлар ва замонавий технология ҳисобланган томчилатиб суғориш ишларининг самараси ўзининг натижаларини кўрсатмоқда.

Албатта, бир қараганда шунча майдонда боғ барпо қилишнинг машаққатли томонлари бирдан кўзга кўринмай, кишига бундай боғларни яратиш осондек туюлсада, аслида бундай натижаларнинг тагида қанчадан қанча мутахассисларнинг тинимсиз меҳнатлари, олиб борилаётган илмий ва амалий изланишлари ётибди.

Боғни ташкил қилишда ташаббускорлар ва мутахассисларни аввало бир савол қийнар эди. АҚШ ва Туркия Давлатларидан олиб келинган ёнғоқнинг “Chandler” нави мазкур ҳудуднинг, Республикамизнинг тупроқ ва табиий иқлим шароитларига қанчалик мос келади? Қолаверса, бу ёш новдаларнинг йилнинг 365 куни давомида нормал ўсиши ва ривожланиши учун қандай агротехник ва амалий тажрибаларни қўллаган маъқул? деган саволлар қизиқувчилар томонидан кўп марта кун тартибига қўйилди. Албатта, бундай жараёнларда илмий тажрибаларга таяниб иш кўриш ўзининг юқори натижасини берганидек, бизнинг Уюшмамизда фаолият олиб бораётган малакали мутахассисларнинг ҳам айнан илмий асосланган юқори тажрибалари қўл келди. Аввало, мутахассислар томонидан тупроқ таркиби таҳлил қилиниб, ўсимликнинг ўсиши ва ривожланига салбий таъсир кўрсатувчи омиллар, тупроқнинг таркибидаги биологик ва кимёвий моддалар таҳлил қилинди. Натижаларга асосланиб тупроқ таркибидаги тузларнинг миқдори, сизот сувларининг чуқурлилик даражалари ҳам инобатга олинди. Натижада биологик ва кимёвий лабораторияларда кенг таҳлиллар шуни кўрсатдики, мазкур майдонларда ёнғоқ боғларини барпо қилиб, юқори самарадорликка эришиш мумкин деган хулосага келинди. Мана шундай босқичма-босқич жараёнлардан кейин 500 гектар майдонга ёнғоқнинг серҳосил “Chandler”  нави ўтқазилиб, суғориш тизими замонавий томчилатиб суғориш тизимига ихтисослаштирилди. Мутахассислар томонидан куну тун  агротехник тадбирлар ўз вақтида амалга оширилиши натижасида кўчатларда аста секин ижобий ўзгаришлар кузатила бошланди.

Бугунги кунда ушбу майдонларда боғ барпо этилганига 2 йилдан ўтди (2017й. Март). Замонавий типда барпо этилган мазкур боғда барча агротехнологик шарт шароитлар яратилган. Аввало, замонавий томчилатиб суғориш тизими ҳақида гап кетганда, бу тизимнинг афзалликлари ҳақида гапирмасликнинг иложи йўқ. Ушбу тизим орқали  биринчи галда қанчадан қанча исроф бўлиши мумкин бўлган сувнинг тежалишига эришилса, иккинчидан томчилатиб суғориш жараёнида сув билан биргаликда таркибидаги керакли озуқалари бўлган ўғитларни тежалиши ва керакли миқдорда ўсимлик илдизларига етказиб берилишидир. Бундай юқори технологиялар ўсимликнинг тез ва сифатли ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.

  

Бугунги кунда барпо қилинган мазкур боғда интенсив боғдорчилик билан шуғулланадиган етакчи мамлакатларда фойдаланиладиган замонавий томчилатиб суғоришнинг энг илғор технологияларидан бири - суғоришни масофадан туриб назорат қилиш имконини берувчи метеостанция ўрнатилган.

Томчилатиб суғориш тизими ҳам автоматлашган бўлиб, сувни тежамкорлик ва аниқ ҳисоб билан суғориш имконини беради. Бунда, боғнинг барча қисми секторларга бўлинган бўлиб, секторларни Wifi тизимига уланган автоматик винтеллар сув билан таьминлайди. Wifi винтеллари, мини қуёш панели билан қувватлантирилади ва радио тўлқинлари орқали ишлаши сабаб, исталган катталикдаги майдонда фойдаланиш мумкин. Бу жиҳат, интернет сигнали деярли етиб бормайдиган ҳудудлар учун жуда муҳимдир.

Боғдаги кўчатларнинг ҳар бири ўзининг идентификацион рақамига эга бўлиб, боғдаги рақамлаштирилган ҳар бир кўчатнинг ҳолатини назорат қилиш қулай. Ҳар бир қатор бошида чип ўрнатилган бўлиб, агроном қўлидаги планшетга уланган жиҳозни чипга яқинлаштирган тақдирда қатордаги мавжуд кўчатларнинг идентификацион рақами ва кўчатнинг қайд қилиб борилган ҳолати ҳақида маълумот берилади. Шундан сўнг, агроном янги қайдларни киритиб боради. Бу тадбирлар, ҳар бир кўчат ҳолатини тўғри таҳлил қилишга, касаллик ва зараркунандаларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни олдини олишга имкон бериши билан бир қаторда мамлакатимиздаги барча ташкил этилган боғлардаги кўчатларни масофадан туриб Уюшмада ҳолатини таҳлил қилиш имкони яратилади.

Бугунги кунда боғда олиб борилаётган  агротехник тадбирлар натижаларини  кузатадиган бўлсак, ёнғоқ кўчатлари табиий иқлим шароитига тўлиқ мослашиб, нормал даражада ўсиб ривожланмоқда.

  

Ассоциация Ореховодства Узбекистана

Локация Ассоциации Ореховодства Узбекистана