UzNuts

БОҒДОРЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ОРҚАЛИ АҲОЛИ ҲАМ ОЗИҚ-ОВҚАТ БИЛАН, ҲАМ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАНАДИ

Президент Шавкат Мирзиёев Яккабоғ туманида “Sag agro Yakkabog’” масъулияти чекланган жамияти томонидан барпо этилаётган ёнғоқзор ва бодомзорни бориб кўрди.

Бу боғлар давлатимиз раҳбарининг жорий йил январь ойидаги Қашқадарёга ташрифи давомида берган топшириқлари асосида ташкил этилди. Президентимизнинг 2017 йил 1 июндаги “Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бунинг учун қулай шароит яратди.

Бугунги кунда 700 гектар майдонда ёнғоқнинг «Chendler», «Cisco» ва бодомнинг  «Аvijor», «Guara» навли кўчатлари ўтқазилган. Келгуси йил яна 440 гектарга кўчатлар экилади.

Ёнғоқлар 4 йилда, бодомлар 3 йилда ҳосилга киради. Шундан сўнг йилига 7 минг тоннага яқин маҳсулот олиш мумкин бўлади. Маҳсулотларнинг 60 фоизини экспортга чиқариш режалаштирган.

— Қашқадарёда қишлоқ хўжалиги бўйича катта салоҳият бор. Яккабоғда ҳам ҳосилдор ерлар, деҳқончиликни яхши биладиган одамлар кўп. Бундан тўғри фойдаланиб, боғдорчиликни ривожлантириш, аҳолини ҳам озиқ-овқат билан, ҳам иш билан таъминлаш мумкин, — деди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис кўчатхоналар ташкил этиб, аҳоли томорқалари учун мевали дарахтлар етказиб бериш зарурлиги таъкидланди. Ёнғоқ, бодом ва бошқа бозорбоп мевалар етиштиришни кўпайтириш, агрономларни замонавий агротехник тадбирлар бўйича ўқитиш учун тайёрлов курслари ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Президентимиз боққа ёнғоқ кўчати ўтқазди.

Шу ернинг ўзида Қашқадарё туманларидаги захира ер майдонларида писта, аччиқ бодом, ёнғоқ ва чаканда плантацияларини ташкил этиш, Қамаши давлат ўрмон хўжалигида куркачиликни ривожлантиришга оид лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Вилоятда балиқчилик, паррандачилик, чорвачилик, қоракўлчилик бўйича амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Ассоциация Ореховодства Узбекистана

Локация Ассоциация Ореховодства Узбекистана